7 октябрга ўтар кечаси Туркиянинг Анталия провинцияси Демре шаҳри ҳудудида магнитудаси 5,5 баллга тенг зилзила қайд этилди. Маҳаллий ҳокимиятнинг хабар беришича, қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумотлар келиб тушмади.

Маҳаллий вақт билан 00:27 (Тошкент вақти билан 02:27)да хорижлик сайёҳлар гавжум бўладиган Демре уездида зилзила зарбаси сезилди. Табиий офат ўчоғининг 34 километр чуқурликда экани айтилди.
Ер силкиниши маҳаллий аҳоли ўртасида саросимани келтириб чиқарди. Юзлаб кишилар вайронагарчиликлар содир бўлишидан қочиб кўчаларга чиқишди ва зилзила қайта такрорланишидан чўчиб, эрта тонгга қадар уйларига қайтиб киришмади.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, силкинишлар яна бир неча сония давом этганида, кўплаб бинолар қулаб тушиши мумкин эди.
Туркия жануби, айниқса Анталия провинцияси азалдан мамлакатдаги сейсмик фаол ҳудуд саналади. Қарийб ҳар ҳафта ушбу минтақада ўнлаб кичик магнитудали силкинишлар кузатилади.