Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2015 йил 7 октябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. 

УзА хабарига кўра, Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди

Қисқа суҳбатдан сўнг Туркманистон делегацияси Кўксарой мажмуида ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди. 

Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар 8 октябрга мўлжалланган. 

Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги учрашувлар чоғида Ўзбекистон ва Туркманистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган. 

Ташриф якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, иқтисодиёт, транспорт, божхона, туризм, фан-техника, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган.