Хитойнинг жанубий қисмига 4 октябрь куни ёпирилган "Мучжигэ" тўфони 19 кишини ҳаётдан олиб кетди ва бу табиий офат туфайли яна 4 киши бедарак йўқолди. Синьхуа хабарига кўра, хитойликлар томонидан "Цайхун" дея номланган бу тўфон жами 5,4 млн киши ҳаёт тарзига таъсир қилган.

Гуандун провинцияси маъмуриятининг маълум қилишича, бу офат туфайли кўрилган зарар миқдори 23,24 млрд юанни (3,66 млрд доллар) ташкил этади. Гуанси-Чжуанск провинциясида эса бу кўрсаткич 708 млн юанга (111 млн доллар) тенг бўлган.

Ноқулай об-ҳаво шароитлари туфайли қишлоқ хўжалигида 350 минг га майдон зарар кўрган.

Маҳаллий ОАВларда ёзилишича, якшанба куни мамлакатга ёпирилган бу тўфон кўлами жиҳатидан 1949 йилдан бери энг йириги ва талофатлиси бўлди.