Яқиндагина Хитойнинг Хэнань провинциясидаги Юнгтайшань тоғ тизмасида очилган шиша кўприк сайёҳлардан бирининг қўлидаги ҳароратни барқарор ушлаб турувчи идиш (термос) қўлидан тушиб кетиши натижасида дарз кетган. Натижада ваҳимага тушган сайёҳларни эвакуация қилишга тўғри келган, деб ёзади Хитой матбуоти.

«Хитойдаги U-образдаги шиша кўприк туристлардан бирининг қўлидаги металл термос тушиб кетиши натижасида ёрилган», - дея хабар беради CCTV телеканали.

«Юнгтайшаньдаги кўприк ёрилган. Мен у ердан чиққан жуда баланд овозларни эшитдим ва силкинишни ҳис қилдим. Кейин оёқларим остига қарасам, у ерда ёриқларни кўрдим. Ҳамма бақирганча қочишни бошлади», - деб ёзади Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири.

Расмий вакиллар ҳам кўприкнинг баъзи қисмларида дарз кетиш ҳолати қайд қилинганини тасдиқлашди. Бироқ уларнинг сўзларига қараганда «Бу сайёҳларнинг ҳаётига ҳеч қандай хавф солмайди».

Хабар қилинишича, ёрилиш учтача шиша қисмда юз берган. Ҳозирда кўприк ёпиб қўйилган ва қайта таъмирлангач яна фойдаланишга топширилиши мумкин.

«Ҳаво изи» номли мазкур иншоот 1080 метр баландликда қурилган бўлиб, узунлиги 68 метрни ташкил қилади. Мазкур кўприк 20 сентябрь куни очилганди. Муҳандисларнинг сўзларига кўприк ҳар бир квадрат метрида 800 килограммгача юк кўтара олиши қувватига эга.