Германиянинг «Бавария» клуби фахрий президенти Франц Беккенбауэр жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиолани жамоада сақлаб қолиш учун Евангелиядан иқтибос келтирди.

«Библияда шундай дейилади: «Худо бирлаштирганни бандаси айира олмайди».

Мен Хосепга «Бавария»да қолса жуда хурсанд бўлишимни айтдим. Гвардиола ва «Бавария» шунчаки бир-бирига жуда мос келади», – дея Беккенбауэрнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Германиянинг Bild нашри.

Испаниялик мураббийнинг «Бавария» билан амалдаги шартномаси 2016 йил ёзда ниҳоясига етади. Ҳозирда мюнхенликлар Гвардиола билан шартномани узайтириш пайида юришибди. Бироқ мураббий таклифларни рад қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, Гвардиола Англиянинг «Манчестер Сити» клубига мураббий бўлишга розилик бергани ҳақида хабар тарқалганди.