Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бокс бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари зафарли одимлашда давом этишмоқда.

Бугунги баҳсларда ўзбекистонлик тажрибали боксчи Муроджон Ахмадалиев ўз вазн тоифасида (56 кг вазн) биринчи рақам остида сараланган қозоғистонлик Кайрат Ералиевни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, мухлису-мутахассислар олқишига сазовор бўлди.

Шу тариқа, Муроджон жаҳон чемпионатидаги ўзининг иккинчи жангида ҳам ишончли ғалабани қўлга киритиб, совринли ўринлар учун ҳаракатини давом эттирмоқда.

Энди Муроджон Ахмадалиев 10 октябрь куни ўтказиладиган чорак финал баҳсида таиландлик Чатчай Бутдега қарши рингга кўтарилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу вазн тоифасида 1-3 ўрин эгалари 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмасини ҳам қўлга киритади.

Бугунги баҳсларда ўзбекистонлик яна бир боксчи Рустам Тўлаганов (-91 кг) Янги Зеландия вакили билан чорак финал йўлланмаси учун рингга чиқади.