ИШИД террорчилик гуруҳи Telegram мессенжерининг мобиль версиясидан тарғибот материаллари ва видеороликларини тарқатишда фойдаланмоқда, деб маълум қилмоқда ОАВлар.

Маълумотларга кўра, жангарилар экстремистик аудиоёзув, фотосурат ва видеороликларни чекланмаган миқдордаги обуначилар ва ҳар бир хабарни кўриш учун чекланмаган ҳисоблагичга эга очиқ чатлар – Telegram Channels орқали жойлаштирмоқда. Террорчилик гуруҳи ИШИДнинг твиттер-аккаунтлари Twittеr хизмати маъмурияти томонидан мунтазам тўсилаётгани сабабли ўз янгиликларини Telegram’да чоп эта бошлади.

Жангарилар, шунингдек, Telegram’дан ўз террорчилик ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун фойдаланади. Шу тариқа, Англия ва Австралияда Мельбурнда уруш фахрийлари шарафига ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган парадда теракт амалга оширмоқчи бўлган икки йигит қўлга олинган. Мессенжер асосчиси Павел Дуровнинг айтишича, агар бу ёшларда Telegram бўлмаганда улар алоқа қилишнинг бошқа йўлини топган бўлардилар.

Аввалроқ Чеченистон президенти Рамзон Қодиров республика махсус хизматлари ИШИДнинг интернетдаги, шу жумладан ижтимоий тармоқлардаги ёлловчиларига қарши кураш олиб бораётганларини айтган эди. Унинг айтишича, бу ишга Сурия ва Миср университетларида таълим олган энг кучли мусулмон мутахассислари жалб қилинмоқда.

"Улар соатлаб террорчиларнинг йўналишлари динга ҳам, Қуръонга ҳам, суннат амалларига ҳам тўғри келмаслигини исботлай оладилар. Шунинг учун биз ижтимоий тармоқларда террорчиларнинг сайтларида, каналларида фаол ишламоқдамиз ва уларнинг маърузаларида уларга ноҳақ эканликларини, улар қилаётган ваҳшийликлар Қуръонда йўқлиги ва ҳеч қачон бўлмаганини исботлаймиз", деб таъкидлаб ўтди Рамзон Қодиров.