Киев техник дефолт эълон қилди

Жаҳон 08 Октябрь 2015 4427

Киев шаҳар кенгаши депутатлари ташқи қарзларни тўлашга мораторий киритишга овоз беришди. Бу ҳақда Украинанинг "Корреспондент.net" нашри маълум қилди.

Шаҳар парламенти қарорига кўра, қарзни узиш муддати 6 ноябрда тугайди. Киев 18 млрд гривна (840 млн доллардан кўпроқ) қарзни тўлаши керак. Киев шаҳар кенгаши бюджет комиссияси бошлиғи Андрей Странников Киев кредиторлар билан қарзни реструктуризация қилиш бўйича келиша олмаганини айтди.

Странниковнинг айтишича, Киев айни пайтда иситиш мавсумига тайёрланмоқда ва пуллар биринчи навбатда шаҳар аҳолисини иссиқлик билан таъминлаш, подъездларни таъмирлаш ва бошқа коммунал мақсадларга йўналтирилади.

Киев мэри Виталий Кличко шаҳар ташқи қарз бўйича тўловни тўхтатишини тасдиқлади. Унинг айтишича, ҳозирги ҳокимият аввалги ҳокимиятдан катта қарзни мерос қилиб олган. Кличконинг айтишича, бу "мерос"нинг миқдори 12,5 млрд гривна ёки 585 млн долларни ташкил қилади.

25 сентябрда Standard & Poor's халқаро рейтинг агентлиги Украинанинг рейтингини SD даражасигача туширди. Бу танланма дефолтни англатади.

 

Кўпроқ янгиликлар