Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари коалицияси самолётлари Яманда бўлиб ўтаётган тўй маросимига икки марта авиазарбалар бериши оқибатида энг камида 15 киши қурбон бўлди, 25 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги гувоҳлар кўрсатмаси ва хавфсизлик хизмати вакиллари сўзларига таяниб хабар берди.

Авиазарбалар 7 октябрь куни мамлакат пойтахти Сано шаҳридан 113 километр жануби-шарқдаги Дамар провинциясига берилган. Ракеталар тўй маросими ўтказилаётган вақтда хусийлар жамоаси раҳбарларидан бирининг уйига йўлланган.
Коалиция томонидан ҳозирча расмий изоҳлар берилмади.

Эслатиб ўтамиз, худди шундай ҳолат 28 сентябрь куни Яман жанубидаги Ал-Мокха шаҳри яқинида жойлашган Ваҳижа қишлоғида ҳам содир бўлганди. Тўй ўтказилаётган ҳудудга коалиция авиазарбалари берилиши натижасида 130 нафардан зиёд киши, жумладан, болалар ва аёллар қурбон бўлган эди.