Баренц денгизида фалокатга учраган Норвегияга тегишли танкерга қутқарув кемаси фақатгина 8 октябрь кундуз куни етиб боради. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги мухбирига Авария-қутқарув ишларининг шимолий экспедицион отрядида маълум қилинди.

"Бугун кечаси фалокат жойига Мурманскдан "Пурга" қутқарув катери йўлга чиқди", деб айтилмоқда хабарда.

Қутқарувчиларга фалокат сигнали Норвегия кемачилик компанияси билан ишловчи агентдан келиб тушган. Қутқарувчиларнинг маълумотларига кўра, танкер унча катта бўлмай, кема кўрсаткичлари ва экипаж сони келтирилмаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, танкер винтига арқон ўралиб қолиши оқибатида юрмай қолган. Танкер Баренц денгизининг Россия иқтисодий ҳудудида қолмоқда.

Мурманск гидрометмаркази маълумотларига кўра, Баренц денгизида ҳозирда ёмон об-ҳаво шароитлари кузатилмоқда, шамолнинг тезлиги сониясига 16 метрни ташкил қилмоқда.