Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистонлик имомлар делегациясининг Россияга сафари давом этмоқда, деб хабар берди Muxlis.uz портали. Олтинчи октябрь санасида имом-хатиблар икки гуруҳга бўлиниб, тадбирларда иштирок этишди. Иброҳим Иномов ва Жасур Рауповдан иборат имом-хатиблар гуруҳи Свердловск вилояти Камышов шаҳар хокимиятида “Ислом тероризмга карши” ва “ИШИД фитналари” мавзуларида маъруза қилган бўлса, имом-хатиблар Одилхон Исмоилов ва Бахром Атажанов ўрин олган иккинчи гуруҳ эса Свердловск вилояти, Пышма туманида жойлашган Рамазон масжидида масжид ходимлари ва бир гуруҳ ватандошларимиз билан “Ислом ИШИДга қарши”, “Миллатлар ва динлараро ҳамдўстлик”, “Ватан қадри” сингари долзарб мавзуларда маърузалар қилди. Қизғин савол-жавоблар билан ўтган мулоқот қатнашчиларда катта таассурот уйғотди. Ана шундай муҳим ва керакли мулоқотдаги фаол иштирок учун имом-хатибларимизга масжид маъмурияти алоҳида минатдорлик билдирди.