Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси «Ўзбеккино» Миллий агентлиги кўмагида 19-24 октябрь кунлари «Корея киноси кунлари» тадбирини ўтказади. Бу ҳақда «Ўзбеккино» МА хабар берган.

Тошкент, Урганч ва Нукус шаҳарларида ташкил этиладиган мазкур тадбирда кореялик киноижодкорлар томонидан суратга олинган «Мисс бувижон», «Менинг севгим, менинг қайлиғим», «Майдакаш», «Архитектурага кириш», «Донгмакголга хуш келибсиз!» фильмларини намойиш этиш режалаштирилган.

Қайд этиш жоиз, «Корея киноси кунлари» «Korean Week – 2015» ҳафталиги доирасида ўтказилади. Ҳафталик мобайнида «Болалар ва ўсмирлар учун футбол бўйича маҳорат машғулотлари», «Корея амалий санъати бўйича маҳорат машғулотлари» ва бошқа шу каби маданий-оммабоп тадбирлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун, жорий йил мамлакатимизда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги иштирокида хорижий фильмлар намойишлари билан боғлиқ бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Хусусан, 30 апрель ­– 3 май кунлари Тошкент шаҳрида, 5-6 май кунлари эса Самарқанд шаҳрида Тошкент шаҳридаги Гёте институти билан ҳамкорликда II анъанавий «Шум бола – 2015» болалар фестивали ўтказилди, 22-31 май кунлари эса Тошкент шаҳрида Европа иттифоқи делегацияси билан ҳамкорликда «Европа киноси фестивали» ташкил этилди. Шунингдек, 7-10 сентябрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда «Хитой киноси кунлари» тадбири бўлиб ўтган эди.