АҚШ Мудофаа вазирлигида Сурияда Россия самолётлари томонидан АҚШ дронлари тақиб қилингани ҳолати инкор этилди ва россиялик учувчилар коалиция самолётлари билан тўқнаш келганларида "масъулиятли ва профессионал тарзда ҳаракат қилишларига" умид билдирилди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

"Бизга бундай хабарлар маълум ва биз вазиятни кузатишда давом этмоқдамиз. Коалиция бирор марта ҳам бизнинг дронларга хавф солинганини ҳис қилмади", деб айтди Пентагоннинг расмий вакили Мишель Балданса.

Балданса АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари биринчи навбатда ИШИД террорчилик гуруҳига қарши ва бу гуруҳни йўқ қилишга қаратилганини эслатиб ўтди.

Аввалроқ Сурияда АҚШ жанговор самолёти Россия самолёти туфайли ўз йўналишини ўзгартиргани маълум қилинганди.