Бугун, 8 октябрь куни, Қозоғистоннинг Тароз шаҳрида Қозоқ хонлигининг 550 йиллиги нишонланмоқда. Тадбирларга қарийиб бир йил мобайнида тайёргарлик кўрилди. Биринчи қозоқ давлатининг юбилейини кенг миқёсда нишонлаш учун кўплаб тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, тарихий ёдгорликнинг каттакон макетлари яратилди.

Юбилей муносабати билан қозоғистонлик байкерлар Қозоғистонни мотоциклда айланиб чиқиш акциясини бошлашган эди. 45 кун давом этган мототур якунида, айнан бугун байкерлар Тароз шаҳрига кириб келишди. Сўнг улар бутун республикадан тўпланган ёшлар билан биргаликда “Биз Буюк дашт ворисларимиз” номли акцияда иштирок этишди.
Тадбир дастурида концертлар ҳам кўзда тутилган эди.

Маълумот учун, 1465 йилда Ўзбек хонлиги ҳукмдори Абулхайрхон сиёсатидан норози бўлган икки чингизий шаҳзода – Керайхон ва Жонибек султонлар тўрт қабила вакиллари билан биргаликда Мўғулистон ҳудудига кўчиб кетишади. Улар Жўжи улусида қолган қардошлари томонидан “қозоқ” деб атала бошлайди – у пайти “дарбадар” маъносидаги бу сўз тахт учун курашиб, бошқа ҳудудларда юрган шаҳзодаларга нисбатан қўлланар эди.

1468 йилда, Абулхайрхоннинг вафотидан сўнг, куч тўплаб олган шаҳзодалар бу ерга қайтиб келиб, ҳокимиятни унинг авлодларидан тортиб олади. Мана шу воқеалар кейинги замон тарихчилигида “Қозоқ хонлиги” деб аталган кўчманчи тузилманинг ташкил топишига замин яратди.