«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан режиссёр Мансур Абдухолиқов томонидан суратга олинган «Қудуқ» бадиий фильми 13-29 ноябрь кунлари XIX маротаба ташкил этиладиган Таллин (Эстония) халқаро кинофестивалининг танловдан ташқари дастурига киритилди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» МА хабар берган.

«Қора тунлар» (Black Nights) Таллин халқаро кинофестивали 1997 йилдан бери мунтазам равишда ташкил этиб келинаётган бўлиб, 2011 йили Халқаро кинопродюсерлар ассоциациялари федерацияси томонидан расман тан олинган, 2014 йили эса «А» тоифасидаги кинофестиваллар қаторига киритилган. Маълумот учун, айни вақтда жаҳон бўйича «А» тоифасидаги кинофестиваллар сони 15та бўлиб, Берлин, Канн, Венеция, Карлови Вари, Варшава ва Сан-Себастьян каби нуфузли халқаро кинофестиваллари шулар жумласидандир.

2014 йилги Таллин халқаро кинофестивалида турли танлов ва танловдан ташқари дастурлар доирасида 500дан ортиқ бадиий, қисқа метражли ва анимацион фильмлар қарийб 80 минг томошабин эътиборига ҳавола этилди. Фестивални жаҳоннинг 50 мамлакатидан ташриф буюрган 649 нафар нуфузли меҳмонлар ва аккредитациядан ўтган журналистлар кузатиб борди.

2014 йили суратга олинган «Қудуқ» бадиий фильми воқеалари собиқ Иттифоқ даврида, дашт бағридаги қишлоқда бўлиб ўтади. Бош қаҳрамон Лаллай бир умр қишлоқ аҳлига қудуқ қазиб бериш билан шуғулланади. У қилган меҳнати учун ҳеч кимдан ҳеч нарса таъма қилмайди, ҳаётининг мазмунини одамларга яхшилик қилишда, уларнинг оғирини енгил қилишда деб билади.

Фильм бош қаҳрамони қудуқ қазиш жараёнида турли воқеаларга гувоҳ бўлади, турфа табиатли кишилар билан мулоқот қилади. Ҳаётда кўрган-кечирганларини умумлаштириб, ўзича муайян хулосалар чиқаради. Фильмда актёрлардан Муҳаммадисо Абулҳайиров, Лола Элтоева, Абдухалил Мигноров, Юлдуз Ҳамидова, Фарҳод Худойбердиев, Сайфиддин Мелиев кабилар суратга тушган.

«Қудуқ» фильми бунгача 2014 йили Россиянинг Анапа шаҳрида ташкил этилган XXIII «Киношок» кинофестивали, 2015 йили эса XI Қозон халқаро кинофестивалининг асосий танлов дастурида қатнашган эди.

Ҳозиргача бир қатор бадиий, ҳужжатли ва мультпликацион фильмларимиз, жумладан, «Қудуқ» фильми ҳам АҚШ, Германия, Хитой, Россия, Австралия каби 10дан ортиқ мамлакатлардаги халқаро кинофестивалларнинг ташкилий қўмиталарига саралаш босқичи учун юборилган ва бу борадаги ишлар давом этмоқда.