2015 йилнинг бошидан Россияда миграцион қонунчилик қоидабузарлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилувчи шахслар сони камайди ва қонуний тарзда меҳнат қилувчи муҳожирлар сони 30 фоиздан кўпроққа ошди. Бу ҳақда БРИКСга кирувчи давлатлар миграция муассасалари раҳбарларининг Сочидаги учрашувида Россия Федерал миграция хизмати (ФМХ) бошлиғи ўринбосари Вадим Яковенко айтиб ўтди.

"Одамлар эътиборлироқ ва саранжомроқ бўлиб бормоқдалар. Қонуний асосда ишловчи муҳожирлар сони 30 фоиздан кўпроққа ошган", деб айтди Яковенко. Унинг айтишича, хорижликларни ишга ёллашни расмийлаштириш тартибининг соддалаштирилиши, патент тизимининг киритилиши барча босқичлардаги бюджетларга 60 млрд рубль келтирган.

Ноқонуний миграция билан курашишнинг энг самарали чораларидан бири хорижий фуқароларга Россияга киришга тақиқлов бўлди. "2013 йилдан Россия ҳудудида бўлиш муддатларини бузганлик ёки жиноятни амалга оширганлик туфайли 1,5 млн кишига мамлакатга кириш тақиқланди. Хорижий фуқаролар бу қарорлар бўйича суд тартибида шикоят қилишлари мумкин. Қоидабузарлар ФМХ сайти орқали бевосита хабардор этилади", деб қўшимча қилди Яковенко.

Россия ФМХ маълумотларига кўра, ҳар йили Россия ҳудудига 15-16 млн хорижлик келади, улардан 80 фоизини МДҲ давлатлари фуқаролари ташкил қилади.