Россия мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашуви давомида Россиянинг Суриядаги ҳарбий операцияларидан кўзланган мақсад нимадан иборатлиги ҳақида тушунтириш берди. Бу ҳақда 7 октябрда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

"2015 йилнинг 7 октябрида Россия мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антоновнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашув бўлиб ўтди. Анатолий Антонов Абдулазиз Комиловга Россия Қуролли кучларининг Сурияда ўтказаётган ҳарбий операциясининг мақсади ва характери ҳақида тушунтириш бериб ўтди", дейилмоқда хабарда.

Шунингдек, учрашув давомида томонлар минтақавий ва глобал хавфсизлик, муаммо ва хавфларни бартараф этишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масалаларини муҳокама қилишди. Матбуот хизматида қайд этилишича, Антонов Ўзбекистон билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик минтақада барқарорликни сақлашда муҳим омил эканлигини таъкидлаб ўтди.

"Антонов ҳарбий соҳадаги биргаликдаги ҳаракатлар Марказий Осиёда хавфсизлик, тинчлик ва хотиржамликни таъминлашга мақбул замин яратишини таъкидлаб ўтди", деб қўшимча қилди Россия Мудофаа вазирлиги.