Россия Фанлар Академиясида X Россия кардиологлар миллий конгресси бўлиб ўтди. Ўзбекистондан ушбу тадбирда илмий марказлар мутахассислари ва кардиология соҳасида ишловчи шифокорлар иштирок этишди.
Россия кардиологлар жамияти томонидан ташкил қилинган тадбирда АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Франция, Исроил, Италия, Норвегия, Туркия, Хитой, Ливан, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган 4 минг эксперт қатнашди.
Форумнинг асосий мақсадлари юрак-томир тизими касалликларига чалинган одамларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг янги имкониятларини қидириш, тиббий ва клиник амалиётга илғор ютуқлар ва инновацион методларни жорий қилиш масалаларини муҳокама қилиш бўлди.
Конгресс доирасида Ўзбекистоннинг Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори, профессор Равшанбек Қурбоновнинг тезкор коронар ўлимнинг бирламчи ва иккиламчи профилактикасига замонавий ёндашувларга бағишланган пленар маърузаси бўлиб ўтди. Чиқишида у ўзбекистонлик олимлар ва шифокорлар амалиётда юрак касалликлари профилактикаси борасида қидираётган методларни топиш борасида амалга оширилаётган ишлар батафсил ёритилди. Таъкидланишича, республикада миоркард инфаркти ва юракнинг сурункали ишемик хасталиги ҳолатларида жарроҳлик аралашуви амалга оширилади. Бунинг натижасида мижозлар умрининг узайиши ва унинг сифатининг ошиши кузатилмоқда.
Ҳисоботда Ўзбекистонда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Секцион йиғилишларда ва симпозиумларда Республика терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббий маркази, Республика тез тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институтидан мажлисга борган медик олимларнинг чиқиш ва тақдимотлари ўтказилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг кардиология соҳасидаги ютуқларига бағишланган стенд ташкил этилди.
Форум якунларига кўра “Жаҳон” агентлиги унинг айрим иштирокчилари билан суҳбат ўтказди.
Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги кардиология илмий-ишлаб чиқариш комплекси бош директорининг биринчи ўринбосари Юрий Карпов:
“Жорий йилнинг май ойида Тошкентга халқаро илмий-амалий конференция қатнашчиси сифатида бордим, у ҳам кардиологиянинг долзарб масалаларига бағишланган эди. Ўзбекистонда соғлиқни сақлашнинг бошқа барча йўналишлари билан бир қаторда кардиология соҳаси ҳам ривожланаётгани кўриниб турибди, шифохоналарнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, янги технологиялар жорий қилинмоқда, янги ишланмалар фаоллик билан олиб борилмоқда. Бундай эътибор натижасида тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва тезлиги ошмоқда”.
С. М. Киров номли Санкт-Петербург ҳарбий тиббиёт академияси илмий ходимаси Мария Мирохина:
“Авваламбор, Ўзбекистонда юрак-томир касалликлари профилактикаси бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигини таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Семинар чоғида биз ушбу йўналишда фикр алмашдик”.
Айниқса ўзбекистонлик мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган “КардиоХелп” дори воситаси алоҳида эътирофга сазовор бўлди. У юрак хасталикларини даволаш ва профилактика қилишнинг ажойиб воситаси деб топилди.

Элдор Асанов тайёрлади