11 сентябрь куни Макка шаҳридаги ал-Ҳаром масжиди ҳудудига кран қулаб тушиши натижасида ҳалок бўлганларга бадал пулини тўлаш бўйича махсус қўмита пул тўловларини олиши лозим бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларни тўплашга киришди.

Бу ҳақда Макка соғлиқни сақлаш департаменти раҳбари Мустафо Балжун маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ташкил этилган қўмиталар ҳодиса вақтида ҳалок бўлган ёки жароҳатланган ҳар бир кишининг исми ва миллати, паспорт маълумотлари, шифохонага ётқизилиш вақти, шунингдек, касалхонадан чиқиш ёки ўлим вақти сингари шахсий маълумотларни тўплашлари лозим.

Саудия Арабистони қироли ҳодиса қурбонларининг яқинлари ва олган жароҳати сабабли ногирон бўлиб қолганларга 1 миллион саудия риали (266 минг доллардан зиёдроқ) бадал пули тўланиши ҳақида қарор қабул қилган эди. Кран қулаши натижасида жароҳат олганларга эса 500 минг риал (тахминан $133 минг) тўланади. Шунингдек, жабрланганларнинг оила аъзолари келгуси 2016 йилда ҳажга келиб, қиролнинг шахсий меҳмони бўлиш ҳуқуқига эга бўлишди.