Сурия армияси 8 октябрь куни кенг кўламли ҳарбий амалиётларга киришди. Бу ҳақда мамлакат телевидениесида хабар берилган.

Сурия армияси бош штаби генерал-лейтенанти Абдулла Аюбнинг маълум қилишича, бу ҳаракатлар "жангарилар қўлидаги шаҳар ва туманларни озод қилиш"га қаратилган.

Суриядаги инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш бўйича Лондон маркази маълумотларига кўра, ҳукумат армияси ва кўнгилли гуруҳлар Россия авиацияси ёрдамида Габ воҳасида кенг фронт бўйлаб ҳужумга ўтган.

Габ тумани Россия авиацияси жойлаштирилган Латақия вилоятида бўлиб, бу туманга чегарадош Идлиб ва Ҳама вилоятлари Башар Асадга мухолифат кучлар назорати остида бўлиб турибди.

Мухолифатчи кучлар ҳам Габ водийсида Латақияга ҳужум уюштириш учун плацдарм (ҳарбий операцияга тайёргарлик кўриладиган майдон) барпо этишни мўлжаллаётганди. Шу йилнинг бошида бу ҳудудда бир неча марта шафқатсиз жанглар бўлиб ўтганди.