Таэквондо (WTF). Ўзбекистон терма жамоаси Манчестер Гран-Присида қатнашади

Спорт 08 Октябрь 2015 2126

17-18 октябрь кунлари Манчестер шаҳри (Буюк Британия)да таэквондонинг WTF йўналиши бўйича жаҳон Гран-Присининг учинчи турнири ўтказилади. Мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини Никита Рафалович (-74 кг), Максим Рафалович (-80 кг), Жасур Бойқўзиев (-87 кг) ва Дмитрий Шокин (+87 кг) ҳимоя қилади. Бу ҳақда "Оламспорт.сом" хабар берган.

Гран-При турнирида 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналади.

Жумладан, олтин медал соҳиби 40 рейтинг очкосига, кумуш медал совриндори 30 рейтинг очкосига, учинчи ўринни эгаллаган спортчилар 20 рейтинг очкосига эга бўлишади.

Маълумот учун, Жаҳон Гран-Приси тўртта йирик мусобақадан иборат бўлиб, биринчи турнир Москва шаҳри (Россия)да, иккинчи турнир эса Самсун шаҳри (Туркия)да ўтказилди. Жаҳон Гран-Присининг якуний финал мусобақаси декабрь ойида Мексика давлатида ўтказилади.

Шундан сўнг рейтинг очколар сарҳисоб қилиниб, Олимпиада вазнлари бўйича ўз вазн тоифасида кучли олтиликка кирган спортчилар “Рио-2016” ўйинларида қатнашиш хуқуқига эга бўладилар (ҳар бир давлатдан бир нафардан спортчига берилади).

Бундан ташқари, 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг йўлланмалари 2016 йилнинг февраль ойида ўтказиладиган халқаро мусобақада ўйналади. Ушбу мусобақада 1-2 ўрин соҳиблари XXXI ёзги Олимпиадада иштирок этади.

Кўпроқ янгиликлар