Япониянинг Toyota Motor Corporation корпорацияси АҚШнинг ИШИД жангарилари томонидан кенг қўлланилаётган компания маҳсулотлари далили бўйича юборган расмий талабига жавоб берар экан, автомобилларини “ҳарбий ва террорчилик фаолияти учун” сотмаётганини маълум қилди, дея хабар тарқатди ABC News телеканали.

Бундан аввалроқ эса ОАВда ИШИД жангарилари кўп миқдордаги Toyota компанияси маҳсулотларини қабул қилиб олаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлиб, шу муносабат билан АҚШ Молия вазирлигининг Аксилтеррор ва молиявий разведка бошқармаси тергов ишини бошлаган эди.

Вазирлик сўровига жавоб берган компания “ҳарбий ёки террорчилик фаолияти учун фойдаланиш ёхуд модификация қилиш мақсадидаги харидорларга автомобиллар сотмаслик сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлаши”ни маълум қилган.

“Toyota ҳар бир давлат ва минтақадаги вакилларидан ушбу тамойилларга тўла риоя қилишни талаб қилади. Биз АҚШ молия вазирлиги томонидан Яқин Шарққа халқаро йўллар орқали пул маблағлари ва маҳсулотларнинг етказиб берилишига оид кенг кўламли тергов ишини қўллаб-қувватлаймиз”, - дея маълум қилди компаниянинг АҚШдаги бўлинмаси расмий вакили Эд Льюис.

Айни пайтда, расмий вакил компания маҳсулотларининг террорчилар қўлига етиб боришининг олдини олишга қаратилган чоралар қўлланилаётганига қарамасдан, автомобилларнинг ўғирланиши ёки қайта савдога чиқарилиши бўйича барча йўлларни назорат қилиш имконсиз эканини қўшимча қилди.