УЕФА тартиб-интизом қўмитаси Загребнинг "Динамо" жамоаси футболчиси Ариян Адемига нисбатан иш очди. Ушбу яримҳимоячи ЕЧЛнинг гуруҳ босқичида "Арсенал"га қарши 1-тур учрашувидан кейин допинг-тестни муваффақиятсиз топширгани аниқланган.

24 ёшли бу футболчи "Арсенал"га қарши ўйинда 90 дақиқа давомида ҳаракат қилган, ўйиндан кейинги допинг текширувида эса унинг А намуна бўйича натижаси қониқарсиз баҳоланган. Агар унинг В намуна бўйича натижасида ҳам шу ҳол кузатиладиган бўлса, футболчини жиддий жазо чоралари кутади.

Қайд этиш керакки, жамоани очколардан маҳрум қилиш ёки дисквалификация қўллаш учун таркибдаги футболчиларнинг камида 2 нафари допинг тестдан ўта олмаслиги керак бўлади.

"Динамо" жамоаси вакилининг хабар беришича, Адеми ўтган йилда 6 марта допинг тест топширган ва ҳар сафар унинг натижаси салбий бўлган.