2016 йилдан Россия бозорларига янги брeнд остида Ravon R2 ва Ravon R4 машиналари экспорт қилинади

Жаҳон 09 Октябрь 2015 11531

2016 йилдан Ўзбекистон Ravon бренди остида бир қанча янгиланган моделларни Россия автобозорига экспорт қилишни бошлайди. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” компаниясининг сайти орқали хабар берилди.

Илгари хабар қилинганидек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар эндиликда Россия автобозорида ушбу бренд остида сотилади. Ўзбекистон автомобилсозлари бугун Москвада Uz-Daewoo маркасининг давомчиси ҳисобланган янги Ravon бренди тақдимотини ўтказдилар.

“Вақт синовидан ўтказилиб, янгидан яратилган” шиори билан тақдим этилаётган янги бренд – Ravon сўзи “енгил, тоза йўл” маъноларини билдиради. Охирги икки йил ичида компаниямиз Daewoo маркаси харидорларининг дидлари ва эҳтиёжларини ўрганиб чиқди ва улар автомобилларда хатарли тажрибалардан кўра ҳамёнбоп нарх ва вақт билан синалган сифатларни кўришни исташларини аниқлади”, - деди тақдимот маросимида сўзга чиққан “Ўзавтосаноат” АК бошқаруви раиси ўринбосари Тоҳиржон Жалилов.

Daewoo автомобиль маркаси Daewoo International компаниясига тегишли бўлиб, GM Uzbekistan АЖ келишувга мувофиқ фақатгина экспорт қилинаётган автомобилларида ушбу тамғадан фойдаланаётган эди. Ушбу келишув муддати тугаётгани боис янги бренд яратилди.
Жорий йилда янги бренд фақатгина янги белгиларга эга Matiz ва Gentra автомобилларини сотади. Хусусан, Ravon Matiz ABS, хавфсизлик ёстиқлари, иммобилайзер, янги бамперлар, оптика ва радиатор панжараси билан таъминланади. Ravon Gentra эса рестайлинг қилинди.

2016 йилда ўзбек автомобилсозлари ўз моделлар қаторини Ravon R2 (Chevrolet Spark 2010 муқобили), Ravon Nexia R3 кейинги авлод седани (Chevrolet Aveo 2008 муқобили) ҳамда бутунлай янги Ravon R4 (Chevrolet Cobalt) ҳисобига кенгайтиришни режалаштирмоқда. Кейинроқ моделлар қатори бир нечта С синфидаги машиналар ва ихчам кроссовер ҳисобига тўлдирилади.

Кўпроқ янгиликлар