Озарбайжоннинг "Реван" жамоасида бир муддат фаолият кўрсатган ўзбекистонлик футболчи Алибобо Раҳматуллаев жамоадан кетгани сабабларини маълум қилди.

- "Реван" клубига яхши ниятлар билан боргандим. Бироқ клуб футболчиларнинг маошларини бермай алдаб юрди. "Реван" айни пайтда банкрот бўлган. Кўплаб футболчилар кетишга мажбур бўлишди. Улар энди ўзининг ёш футболчиларини ўйнатишмоқчи. Мендан ташқари жамоанинг етакчи футболчиси ҳам клуб билан ҳайрлашди.

Кейинчалик шартномада кўрсатилган маблағдан жуда паст маош берамиз дейишди. Жамоа бош мураббийи мени қолишимни жуда хоҳлаганди. Лекин клуб шартномага амал қилмаганидан кейин қолишдан наф йўқ эди. Яхшики, Тошкентгача қайтишим учун чиптам бор эди. Қишга қадар жамоада қолсам ҳам бўларди. Гап фақат пулда эмас, бироқ клуб футболчини алдаганидан сўнг қолишдан не фойда?

"Реван" жамоаси директори кўп ёлғон сўзларкан. Шу вақтгача фақат бир ойлик маошни олдим. Қолганлар ўшани ҳам олишолмади.

Тўғриси, Озарбойжон матбуоти ёзган нарсани ўқиб ҳайрон қолдим. Улар ўз жамоаларини оқлаб ёзишган. Нима учун легионерлар кутилгандек ўйнай олишмади деб ёзиб қўйишгани тушунарсиз ҳолат. Нима ҳам дердим, худо инсоф берсин.

Баъзи маҳаллий футболчиларини ёшлар таркибига ўтказиб, яхши ўйнолмадинглар деб маошларини қисқартириб ташлашди. Улар ҳақида хабарда ёзишмаган", дейди футболчи.

Бундан олдинроқ, "Реван" Алибобо Раҳматуллаевни ортга қайтариб юборгани ҳақида хабар берилган ва Бунга сабаб сифатида футболчининг ўйини жамоани қониқтирмагани айтилганди.

Ўтган ойда ушбу футболчи "Навбаҳор" жамоаси сафидан "Реван"га бориб қўшилгани ва озарлар жамоаси билан 1,5 йиллик шартнома имзолангани хабар қилинганди.

Бироз олдинроқ, у Ўзбекистондаги нашрлардан бирига берган интервьюсида янги жамоасидаги шароитлардан кўнгли тўлгани, "қачондир хорижда тўп суришимга ишонгани" ҳақида айтиб ўтганди.