Йозеф Блаттер ФИФА президентлигидан 90 кунга четлатилгани бўйича чиқарилган қарордан норози бўлмоқда.

New York Times нашрида ёзилишича, у арбитраж палатасига шу масала хусусида шикоят билан мурожаат этган.

Блаттернинг адвокатларининг айтишича, ФИФА ахлоқ қўмитаси шикоятчини асоссиз равишда айблаган.

Бундан ташқари, адвокатлар Блаттерга ўзининг айбсизлигини асослаб бериш имкони берилмаганидан норози бўлишмоқда.

Маълум бўлишича, у ўзининг футболдан четлатилгани ҳақида ОАВ орқали хабардор бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни ФИФАнинг Одоб-ахлоқ бўйича қўмитаси ташкилот президенти Йозеф Блаттерни 90 кунга ўз вазифаларини бажаришдан соқит қилди.

Швейцария ҳукумати 24 сентябрь куни ФИФА президенти Йозеф Блаттерга нисбатан жиноий иш қўзғатганди.

ФИФА раҳбари УЕФА президенти Мишель Платинига ноқонуний тарзда 2 млн швейцар франки ўтказиб берганликда гумон қилинмоқда.

Унинг ўрнига ФИФАнинг вақтинча президенти этиб Исса Ҳаёт тайинланган.

Шунингдек, 8 октябрь куни УЕФА президенти Мишель Платини ҳамда ФИФА бош котиби Жером Вальке ҳам 90 кунга футболдан четлатилди.