Прага суди Қатар қироллик оиласи аъзоси Ҳамид ибн Абдуллоҳ ибн Таний Ал-Танийни ёш болалар билан фаҳш алоқалар қилгани учун 11 ой 8 кунга қамоқ жазосига маҳкум қилди.

Ишнинг судланувчининг иштирокисиз кўриб чиқилиши 8 октябрда, унинг халқаро ҳибсга олинишига ордер берилганидан 4 йилдан сўнг бўлиб ўтди. 2005 йилда Ҳамид ибн Абдуллоҳ ибн Таний Ал-Таний 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилиб, ўз ватани Қатарга жўнатилган эди, чунки Прагада у ўз ватанида жазоланишига ваъда берилган эди. Бироқ Қатар ҳукумати томонидан зўравонга қарши ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Маълум қилинишича, Ал Таний суд қарори билан рози бўлган. Чехияда ҳибсда ўтказилган вақтни ҳисобга олиб, у жазони ўтаган деб ҳисобланади ва Чехия ҳудудига ҳеч қандай қаршиликсиз қайтиши мумкин.

Шунингдек, АҚШда сентябрь ойи охирида уй хизматчисини жинсий алоқага киришга мажбурлашда гумон қилинаётган саудиялик шаҳзода Маджид Абдулазиз ал-Сауд ҳам тергов остида қолмоқда. Шаҳзода 300 минг доллар гаров пули эвазига қўйиб юборилган. Суд унинг ишини 19 октябрда кўриб чиқади.