Ольга Смородская: Афсуски Виталий Денисов Россия терма жамоаси учун ўйнамайди

Спорт 09 Октябрь 2015 5145

Москванинг "Локомотив" жамоаси ўзбекистонлик футболчи Виталий Денисов билан шартномасини узайтирган. Бу ҳақда жамоа президенти Ольга Смородская ТАСC нашрига берган интервьюси чоғида маълум қилган.

У ўз жавобида ўзбекистонлик ҳимоячи билан узайтирилган битим бандларига аниқлик киритмаган.

"У билан битим узайтириб бўлинган. Қанча муддатгалигини айтмайман. Виталий кучли футболчи. Афсуски у Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади ва Россия учун ўйнай олмайди", дейди Смородская.

Маълумот учун, Виталий Денисов 1987 йилнинг 23 февралида Тошкентда туғилган. У футбол билан шуғулланишни "Пахтакор" мактабида бошлаган. Кўп ўтмасдан Москвадаги "Академика" мактабига йўл олган. У 2003 йилда ЦСКА жамоасига ўтган ва бу жамоа билан УЕФА Кубоги ҳамда Россия Кубогига эга чиққан.

2006 йилдан эса Денисов Украинанинг "Днепр" жамоаси аъзосига айланган. У бу жамоанинг асосий етакчиларидан бирига айланиб, бу ерда 164 марта ўйинларда майдонга тушган.

2013 йилда уни Москванинг "Локомотив" клуби трансфер қилган. У навбатдаги жамоаси билан 2014 йилда чемпионатнинг бронза медалларини кўксига таққан, 2015 йилда эса Россия Кубогини боши узра кўтарган.

Виталий Денисов 2006 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоасида асосий таркибда ўйинларда иштирок этиб келади. Ушбу чап қанот ҳимоячиси 2013 йилда Ўзбекистонда энг яхши футболчи сифатида тан олинганди.

Кўпроқ янгиликлар