Ўзбекистонда “Ҳаж-2015” мавсуми якунига етди

Жамият 09 Октябрь 2015 2832

2015 йил  8 октябрь куни Ўзбекистон ҳожиларининг охирги гуруҳлари ҳам ватанга қайтиб келишди. 

“Ҳаж – 2015” мавсуми Ўзбекистон ҳожилари учун жуда ҳам муваффақиятли ва самарали ўтди. Ҳожиларга яхши шароитлар яратиб берилди. Ишчи гуруҳ аъзолари меҳмонхона, ошхона, қадимий тарихий жойларни зиёрат қилиш, автобусларда Ҳарамга боришда, Мино водийсида тартибни сақлашда жонбозлик кўрсатдилар.
Гуруҳ раҳбарлари ҳожи отахон ва онахонларни ҳаж амалларини бажаришда яқиндан ёрдам бериб, холис хизматлари билан ҳожиларни хурсанд қилдилар”, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси сайти хабарида.

Ҳаж-2015” мавсумини намунали ташкил этиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 26 август кунидаги ПФ-3793-сон Фармони асосида тузилган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши қарорлари асосида амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида тузилган шартномага мувофиқ жами 5200 нафар фуқароларимиз Ҳаж зиёратини амалга ошириш мақсадида Саудия Арабистони Подшоҳлигига бориб қайтдилар.

Жорий йилда ҳам, ўтган йиллардаги тажрибадан келиб чиққан ҳолда ишчи гуруҳи, тиббиёт ходимлари гуруҳи ҳамда ошпазлар гуруҳи тузилиб, уларнинг биринчи дафъаси, ўзбекистонлик зиёратчиларни кутиб олиш ва жойлаштириш ишларини таъминлаш, тайёргарлик ишларини йўлга қўйиш мақсадида 28 август куни Саудия Арабистонига сафарбар этилди.

3-14 сентябрь кунлари ўзбекистонлик 5200 нафар зиёратчини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Термиз, Урганч ҳамда Қарши шаҳар аэропортларидан ҳаж сафарига жўнатилди ва 27 сентябрь - 8 октябрь кунлари барча ҳожиларимиз мамлакатимизда кутиб олинди.

Кузатиш ва кутиб олиш тадбирлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда вазирлик, бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилди.

Зиёратчиларга сафардан олдин Давлат рамзи туширилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, “Ҳажнома” китобчаси ва видеотасмалар тақдим этилди.

Барча зиёратчилар марказлашган тартибда тиббий пунктларда миненгит ва гриппга қарши зардоб билан эмланди. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлишини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди. Ўзбекистонлик ҳожилар Мадина шаҳрида 3 кеча - 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг, Макка шаҳрига йўл олдилар.

Ҳаж мавсуми даврида ўзбекистонлик зиёратчиларни Ҳаж вазирлиги мутасадди вакиллари ва ўзбекистон ишчи гуруҳи ҳамкорлигида муқаддас жойлар; Мино, Арофат, Муздалифа ва Жамаротга кўчириш тадбирлари юқори савияда, уюшган ҳамда қисқа муддатларда ташкил этилди. Ўзбекистон ҳожиларига ажратилган махсус жойларда зиёратчиларимиз ибодатларини эркин амалга оширишлари учун ишчи, шифокор ва ошпазлар гуруҳи томонидан барча (озиқ-овқат, иссиқ чой, яхна шарбатлар ва тиббий марказ фаолияти) қулайликлар яратиб берилди.

Жаҳондаги эпидемиологик вазият ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари тавсияларидан келиб чиқиб, ўзбекистонлик ҳожилар жойлашган меҳмонхона шифокорлар гуруҳи таркибидаги малакали эпидемиологлар томонидан тез-тез дезинфекция қилиниб турилди.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида “Масжид ан-Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган “Жавҳарат ул-Асима”, Макка шаҳрида эса Ҳарамдан 4000-4500 метр узоқликдаги тўрт буржли “Аброж Муҳаммадия” меҳмонхоналарида истиқомат қилдилар.

Зиёратчиларимизнинг 3 маҳал овқатланишлари учун қулайликлар яратиш мақсадида Макка шаҳридаги меҳмонхонада 1700 кишига мўлжалланган ошхона ташкил этилди. Зиёратчилар учун меҳмонхонада 30 кишилик минишифохона фаолият кўрсатди.

Саудиядаги меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевиденияси дастурларини томоша қилиш, Ватанимизда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш имкониятлари яратилди.

Кўпроқ янгиликлар