Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси йиғилишида аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлашнинг бугунги ҳолати, соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга доир ахборот тингланди.

УзА хабарига кўра тадбирда вазирлик ва идоралар, “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Газ тармоғи Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига бевосита таъсир кўрсатиши таъкидланди. Ўзбекистон Президентининг 2006 йил 8 августдаги “Ўзтрансгаз” акционерлик компанияси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, газ тақсимлаш тармоқларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш, табиий газни истеъмолчиларга етказиб бериш ва сотиш, шунингдек, табиий газдан оқилона фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва “зангори олов” учун тўловлар интизомини мустаҳкамлаш ишлари “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси зиммасига юклатилган.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, бугунги кунда табиий газ 13,7 минг километрлик магистрал қувурлар орқали етказиб берилаётир. 25 компрессор станцияси, 341 газ тақсимлаш станцияси ва 2 ер ости газ омбори йилнинг исталган даврида “зангори олов”ни барқарор етказиб беришни таъминламоқда.

Тадбирда мамлакатимизда бир истеъмолчига йилига ўртача 3 минг куб метрдан ортиқ табиий газ тўғри келиши қайд этилди. Бу, ўз навбатида, “зангори олов”дан фойдаланганлик учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилишни талаб этади. Газ таъминоти соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани самарасида ушбу жараён янада очиқ, ошкора ва тезкор амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, юқори технологияларнинг амалиётга татбиқ этилаётгани табиий газ истеъмолчилари қарзининг кўпайишини сезиларли равишда камайтириш имконини бермоқда.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси истеъмолчиларга юқори даражада қулайлик яратиш мақсадида ўз веб-ресурслари орқали интерфаол хизматлар кўрсатиш ишларини такомиллаштирмоқда. Айни пайтда www.uztg.uz веб-порталида “шахсий кабинет” хизмати ишлаб чиқилган бўлиб, бу ерда табиий газ учун тўловлар ҳолатига доир батафсил ҳисобот келтирилган. www.mbank.uz ва www.smstulov.uz сайтларида газ учун тўловларни амалга ошириш бўйича интерфаол хизмат ишга туширилди. Аҳоли ва улгуржи харидорлар учун тўловлар режимини кенгайтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Компаниянинг uztransgaz.uz веб-сайтида табиий газ тарифларига оид маълумотлар янгиланиб, газдан фойдаланиш бўйича янги ҳужжатлар жойлаштириб борилмоқда, акциядорлар навбатдаги умумий мажлислар санаси ва кун тартиби ҳамда сўнгги қарорлар ҳақида ўз вақтида хабардор қилинмоқда. Тижорат банклари билан ҳамкорликда табиий газ учун тўловларни электрон пластик карточкалар орқали қабул қилиш пунктлари тармоғи кенгайтирилмоқда.

Йиғилишда ижобий ривожланиш кўрсаткичлари билан бир қаторда, газ тармоқларига ноқонуний уланиш, газ тақсимлаш тизимлари устидан кунлик тезкор назорат ўрнатиш, газ таъминоти тизими ходимлари малакасини ошириш билан боғлиқ ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар таъкидланди. Иштирокчилар мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирди.