Ўзбекистонлик ёш сузувчилар Бангкокдаги ОЧдан 24та медал олиб қайтишди

Спорт 09 Октябрь 2015 1672

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида сув спорти турлари бўйича ўсмир-ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилди. Саккизинчи бор ташкил этилган мазкур қитъа чемпионатида муваффақиятли иштирок этган мамлакатимиз спортчилари жами 9 та кумуш ва 15 та бронза медалига сазовор бўлдилар.

Жумладан, сузиш мусобақаларида Алексей Тарасенко, Артём Козлюк, Нурулло Ғуломқодиров ва Музаффар Турсунхўжаевлардан иборат спортчиларимиз 4х100 м. масофага ўтказилган эркин усулда сузиш баҳсларида кумуш, 4х200 м. масофага эркин усулда бўлиб ўтган мусобақада эса бронза медалига сазовор бўлдилар. Яна учта бронза медалига Алексей Тарасенко 50 м., 100 м., ва 200 м. масофага эркин усулда сузиш баҳсларида сазовор бўлди.

Синхрон сузиш мусобақаларида иштирок этган ҳамюртларимиз Гулсанам Юлдашева солода кумуш, дуэтда эса Хуршида Хакимова билан бронза медали соҳибаси бўлди. Ушбу мусобақада, шунингдек, Хонзодахон Тошхўжаева ва Анна Елтишева солода бронза медалига сазовор бўлдилар. Анна Елтишева Ольга Морозова билан бирга дуэтда ҳам бронза медали билан тақдирланди. Бундан ташқари, жамоавий баҳсларда иштирок этган Ольга Морозова, Анна Елтишева, Алина Салиева, Моҳирахон Тўлқинова, Хонзодахон Тошхўжаева, София Гарусова, Нафиса Шомирзаева ва Диана Онкисдан иборат терма жамоамиз кумуш медални қўлга киритдилар.

Ва ниҳоят, сувга сакраш бўйича ўтказилган баҳсларда Ольга Морозова 1м., Павел Азямов эса 3 м.лик трамплинда кумуш, Достон Ботиров 1 м. ва 3 м.лик трамплинда бронза, шунингдек, Ольга Морозова 5 ва 7,5 м.лик трамплинда, Ботир Хасанов эса 10 метрлик трамплинда бронза медали билан тақдирландилар. Ҳамюртларимизнинг Осиё чемпионатида қўлга киритган муваффақиятлари Ўзбекистонда сув спорти турлари қай даражада ривожланиб, янгидан-янги иқтидорлар камолга етаётганлигидан дарак беради.

Кўпроқ янгиликлар