ВВС ва БМТ ҳамкорликда ўтказган тадқиқот лойиҳасида асаларилар ўсимликларни чанглатиш орқали жаҳон иқтисодиётига ҳар йили 150 млрд доллардан зиёд даромад келтириши ҳисоблаб чиқилди. Бу ҳақда Vice маълум қилди.

Лойиҳа инсониятга жониворлар ва ўсимликлар нафақат Ер сайёрасидаги экологиянинг сақланиши, балки моддий даромад олишда ҳам муҳим аҳамият касб этишини кўрсатишга асосланган эди.
Нашрнинг хабар беришича, ҳозирги кунда асаларилар популяцияси шу даражада пасайиб кетдики, бунинг натижасида Хитойнинг ғарбий ҳудудларида деҳқонлар мева-ўсимликларни қўлда чанглатишга мажбур бўлмоқда.

Асаларилар бўлса бу ишни бепул бажариб, йилига 150 млрд тежалишига хизмат қилаётир.
Кўпчилик китларнинг озуқаси деб ҳисоблайдиган оддий планктонлар ҳам жаҳон иқтисодиётига 215 млрд доллар даромад келтирмоқда. Улар балиқларнинг кўпайишига, атмосферанинг кислород билан тўйиниши ва карбонат ангидрид газининг ютилишига катта ҳисса қўшади.