Россия Қуролли кучлари Бош штаби Сурияда бир кунда 300 га яқин жангари йўқ қилинганини маълум қилди

Жаҳон 09 Октябрь 2015 6505

Россия ҳарбий-коинот кучларининг самолётлари ўтган кун ичида Сурияда 67 та жанговор парвоз амалга оширди ва ИШИДнинг 60 та объектига зарба берди. Оқибатда 300 га яқин жангари йўқ қилинди. Бу ҳақда 9 октябрда Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи ўринборсари генерал-лейтенант Игорь Макушев маълум қилди. Бу ҳақда РИА “Новости” хабар берди

100 га яқин жангари Алеппо вилоятида собиқ қамоқхона биносидаги ўқ-дорилар омборхонаси бомбардимон қилинганда йўқ қилинди. Яна 200 га яқин жангари, шу жумладан ИШИДнинг 2 нафар дала қўмондони “Лива-ал-Ҳақ” гуруҳи штабига берилган авиазарбалар пайтида йўқ қилинди (Institute for the Study of War маълумотларига кўра, бу штаб Хомс вилоятида жойлашган).

Шунингдек, охирги кунларда берилган зарбалар оқибатида ИШИДнинг Латақиядаги 6 та қўмондонлик пункти ва алоқа узеллари, 6 та ўқ-дори ва ёнилғи сақланадиган омборхона, 17 та террорчиларни тайёрлаш базаси ва лагери, учта ер ости иншооти, 16 та истеҳком, 17 та автомобиль ва зирҳли техника бирлиги ва 2 та ялпи ўт очиш реактив тизими йўқ қилинди.

Шу пайтгача Россия Мудофаа вазирлиги ҳисоботларида авиазарбалар давомида фақатгина жангариларнинг инфратузилма объектлари, ўқ-дорилар омборхоналари, қўмондонлик пунктлари ва машғулот базалари йўқ қилингани ҳақида айтилган эди. Вазирлик жангарилар орасидаги йўқотишлар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаганди.

Кўпроқ янгиликлар