Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида давом этаётган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг тўртинчи кунги баҳсларидан сўнг Ўзбекистон терма жамоасининг яна уч нафар вакили чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. 9 октябрь куни терма жамоа аъзоларидан 4 нафари ўз жангларида рингга кўтарилишди.

Мусобақанинг учинчи кунидан кейин терма жамоанинг 4 нафар вакили чорак финалга чиққанди.

Терма жамоанинг энг тажрибали боксчиси 81 кг вазн тоифасидаги Элшод Расулов ўзининг иккинчи жангини туркиялик Сэм Карлидагга қарши ўтказди ва рақибини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Бугун Расулов ушбу вазн тоифасининг биринчи рақамли боксчиси қозоғистонлик Адилбек Ниязимбетовга қарши рингга чиқади.

60 кг вазнда иштирок этувчи Элнур Абдураимов ҳам иккинчи жангида зафар қучди. У Янги Зеландия вакили Чад Милнесдан 3:0 ҳисобида устун келди. Абдураимовнинг чорак финалдаги рақиби мўғулистонлик боксчи Отгондалай Доржнямбуу бўлади.

Энг оғир +91 кг вазн тоифасидаги Баҳодир Жалолов эса ўз вазнида учинчи рақам остида таснифланган кубалик Леньер Перога қарши жанг ўтказди ва рақибини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бугун Баҳодир Жалолов иорданиялик боксчи Ҳуссайн Ишаиш билан жанг ўтказади.

9 октябрь кунги баҳсларда 52 кг вазндаги Шаҳобиддин Зоиров хитойлик Жиан Ган Хуга қарши рингга кўтарилиб, рақибига имкониятни бой бериб қўйди.

Шу тариқа, Ўзбекистонлик етти нафар боксчи чорак финалда жаҳон чемпионати медаллари учун курашни давом эттиради.
Қайд этиш керакки, чорак финал босқичида Куба терма жамоаси энг кўп спортчига эга бўлиб турибди. Тўлиқ таркиб (10) билан ЖЧга келган кубаликларнинг 9 нафари чорак финалгача етиб келди.

Ўзбекистон ва Озарбойжон термаларининг 7 нафардан боксчилари чорак финалда иштирок этишади. Бу мамлакатлар 9 нафар спортчи билан иштирокни бошлашганди. Турнирга 8 боксчи билан ташриф буюрган Қозоғистоннинг 6 спортчиси ярим финал йўлланмаси учун кураш олиб боради. Россия ва Буюк Британиянинг 4 нафардан боксчиси чорак финалгача етиб келган.

Қуйида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг чорак финалдаги рақиблари ҳақида билиш мумкин:

10 октябрь, шанба

56 кг. Муроджон Аҳмадалиев (Ўзбекистон) – Чатчай Бутди (Таиланд)

60 кг. Элнур Абдураимов (Ўзбекистон) – Отгондалай Доржнямбуу (Мўғулистон)

64 кг. Фазлиддин Ғоибназаров (Ўзбекистон) – Винченцо Мангиакапре (Италия)

75 кг. Бектемир Мелиқўзиев (Ўзбекистон) – Пётр Хамуков (Россия)

81 кг. Элшод Расулов (Ўзбекистон) – Адилбек Низимбетов (Қозоғистон)

91 кг. Рустам Тўлаганов (Ўзбекистон) – Эрисланди Савон (Куба)

+91 кг. Баҳодир Жалолов (Ўзбекистон) – Ҳуссайн Ишаиш (Иордания)