Universal киностудияси Итан ва Жоэль Коэн томонидан ишланган, Голливуднинг машҳур икки актёри, Жорж Клуни ҳамда Скарлетт Йоханссон рол ижро этган "Салом, Цезарь!" номли кинокомедия учун илк трейлер чиқарди.

Cinemablend нашри хабарига кўра, бу фильм кейинги йилнинг февралида кинопрокатга чиқарилади.

Фильм сюжетига кўра, Жорж Клуни яратган қағрамон "Салом, Цезарь!" номли тарихий фильмда суратга тушишга тайёрланаётган вақтда жиноятчилар гуруҳи томонидан ўғирлаб кетилади. Ушбу фильм режиссёрини гавдалантирган Жош Бролин эса ўз фильмини суратга олиш ишларини давом эттириш учун уни қутқаришга ҳаракат қилади.

Ушбу фильмда Клуни ва Бролиндан ташқари, Рэйф Файнс, Скарлетт Йоханссон, Тильда Суинтон ва Ченнинг Татум каби таниқли актёрлар ҳам иштирок этишган.

Ушбу фильм ижодкорлари Итан ва Жоэль Коэн замонавий Голливуднинг энг фаол ва ҳурмат қозонган режиссёрлари ҳисобланишади. Улар 4та "Оскар" мукофотига лойиқ кўрилишган. Хусусан, 2007 йилда "Бу ер қарияларнинг жойи эмас" фильми учун, "Энг яхши фильм", "Энг яхши режиссёрлик иши", "Энг мос сценарий" йўналишларида, 1996 йилда эса "Фарго" фильми учун "Энг оригинал сценарий" йўналишида.

Ака-ука режиссёрлар 10 марта Америка киноакадемияси томонидан тақдирланишган.

Шунингдек, Коэнлар Канн фестивалида "Бартон Финк" фильми учун "Олтин пальма япроғи" мукофотини қўлга киритишган. Уларга Канн фестивалида "Фарго" ва "Аслида бўлмаган инсон" фильми учун "Энг яхши режиссёрлик" йўналишида тақдирланишган.

2015 йилда улар Канн кинофестивалининг ҳакамлари сафида бўлишди.