Манба: Twitter раҳбарияти ходимларининг катта қисмини ишдан бўшатади

Технология 10 Октябрь 2015 1842

Кейинги ҳафтада Twitter компанияси ўзининг барча бўлимлари бўйлаб ходимларнинг кенг миқёсли қисқартирилишларини амалга оширади. Бу ҳақда Recode ўз манбаларига асосланиб, хабар берган.

Бундай хабарлар 5 октябрь куни Twitter микроблоглар хизмати асосчиси Жек Дорси доимий асосда Twitter Inc. компаниясининг бош директори этиб тайинланидан кейиноқ пайдо бўлганди.

Манбанинг айтишича, Дорсининг компания директорлигига қайтиши ходимларнинг ишдан бўшатилишига асосий сабаб бўлади.

Айнан қанча миқдордаги ишчиларга жавоб берилиши бўйича аниқ маълумотлар йўқ. Қисқартиришлар барча бўлимларни қамраб олиши айтилган.

Шунингдек, бу қарор орқали компанияда самарадорликни ошириш мўлжаллангани айтилмоқда.

Компания томонидан бу хабарларга муносабат билдирилмаган.

Бироз олдинроқ, Твиттер асосчиларидан яна бири Эван Уильямс Bloomberg нашрига берган интервьюсида Жек Дорси компания раҳбарлиги учун идеал номзод бўлмагани, бир вақтнинг ўзида иккита компанияга бошчилик қилиш қийинлиги ҳақида айтиб ўтганди. Дорси Square тўлов стартапи раҳбари лавозимини ҳам сақлаб қолган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июлида Twitter ижтимоий тармоғи бош директори Дик Костоло истеъфога чиқишга қарор қилганди.

Кўпроқ янгиликлар