Қозоғистонлик ҳуқуқ фаолларидан бири Дильнар Инсенова Олма-Ота шаҳри ҳокими Бауржан Байбекни кўчада учратиб қолиб, у билан “Оқкент” турар-жой комплексидаги муаммолар тўғрисида суҳбатлашмоқчи бўлди. У ўз суҳбатини видео тасвирга олишга ҳаракат қилган вақтда Байбек билан бирга бўлган ҳокимият вакиллари бунга тўсқинлик қилади. Натижада суҳбатнинг фақатгина 30 сонияси тасвирга олинади.

Бу ҳақдаги хабар Қозоғистон интернет фойдаланувчилари, хусусан, блогерлар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Жумладан, қозоғистонлик блогер Марат Толибаев ўзининг Facebook`даги саҳифасида “Қандай аҳмоқлик ва консерватизм! Ҳокимнинг кўчада фуқаро билан ижтимоий муаммолар ҳақидаги суҳбатини суратга олиш мумкин эмас. Умид қиламанки, бу Байбекнинг позицияси эмас, шунчаки, серғайрат ижрочининг мустақил иш тутиши. Ва яна умид қиламанки, ушбу ҳодисадан сўнг ҳоким ижрочи унинг ва бутун давлат хизматчиларининг имиджига қандай зарар келтирганига ойдинлик киритади”.

Шунингдек, ушбу ҳодисага кўплаб депутатлар, жамоатчилар, ҳуқуқшунослар ҳам ўз муносабатини билдириб, турли фикр-мулоҳазаларни илгари суришди.