Чикагодаги Ўзбек-Америка Ассоцияцияси Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 26 йиллиги муносабати билан ҳамда хорижда яшаётган ўзбек болалари қалбида миллат, тил, ватан туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида Америка ва Канадада яшовчи ўзбеклар орасида энг яхши иншо танловини эълон қилади.

Танлов шартига кўра, иншолар “Ўзбек тили -она тилим”, “Мен ўзбекман”, “Ўзбекистон Ватаним менинг” мавзуларидан бири асосида ёзилиши белгиланган.
Танлов ташкилотчиларининг kun.uz сайтига маълум қилишича, унда иштирокчи болалар ёшига қараб икки гуруҳга ажратилади. Жумладан, 1- гуруҳда 12 ва 13 яшар болалар тақдим этган иншолар кўриб чиқилса, 2-гуруҳда 14, 15 ва 16 яшар болаларнинг кичик ижод намуналари баҳоланади.

Ғолиблар болаларга турли эсдалик совғалари тақдим этилади.
Эълонда келтирилишича, иншоларни қабул қилиш 31 октябрь куни тўхталади. Ғолиблар эса 8 ноябрь куни эълон қилинади.
Ғолиблар иншо маъноси, ундаги грамматика, пунктуация ҳамда лексикология ҳисобга олинган ҳолда аниқланади. Иншодаги сўзлар сони 200-350 атрофида бўлиши талаб этилади.