Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бокс бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатида оғир вазндаги ўзбекистонлик спортчи чорак финалда имкониятни бой берди.

91 кг.гача бўлган вазнда Рустам Тўлаганов чорак финалда кубалик Эрисланди Савонга қарши қийин баҳсни ўтказди. Унда кубалик боксчи 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Бунгача ўзбекистонлик боксчилардан Бектемир Мелиқўзиев (75 кг.), Муроджон Аҳмадалиев (56 кг.) ва Фазлиддин Ғоибназаров (64 кг.) жаҳон чемпионати ярим финалига чиқишганди.

Бугун кечки дастурда ўзбекистонликлардан Элнур Абдураимов (60 кг.) Элшод Расулов (81 кг.) ва Баҳодир Жалолов (91+ кг) ярим финал йўлланмаси учун рингга кўтарилишади.