Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида иккинчи синф ўқувчиси ҳожатхона ўрасига тушиб кетган икки яшар синглисини ярим соат давомида ушлаб турди.

Ўш шаҳри таълим бўлимининг хабар беришича, 5 июль куни шаҳардан унча узоқ бўлмаган Жепалак қишлоғида икки яшар Солиҳа Эргешова 5 метр чуқурликдаги ҳожатхона ўрасига тушиб кетди.

Бу ҳақда кўрган ва эшитганлар унга ёрдамга ошиқишди. Аммо айрим тўсиқлар сабаб қизни у ердан олиб чиқа олишмайди. Ана шунда, унинг акаси Байзат Эргашев белига арқон боғлайди ва мустақил равишда у ерга тушиб, то қутқарувчилар келиб, уларни тортиб олмагунича, ўша ерда синглисини кўтариб тураверади.

Аввалроқ мамлакат ФВВ ходимлари Байзат Эргашевни мардлик ва қаҳрамонлик фахрий ёрлиғи билан мукофотлашган эди. У истеъдодли болалар ўқийдиган “Қирғиз-турк дўстлиги” 52-умумтаълим мактабида таҳсил олади.

Қизалоқни ҳожатхона ўрасидан олиб чиқишганида, у ҳушсиз эди. Биринчи тиббий ёрдамни унга қариндошлари кўрсатишди.

Қизча 10 кун давомида Ўш шаҳар шифохонасининг жонлантириш бўлимида ётди. Ҳозирда қизча саломат, унинг онаси Гулмира Бердиева ўғли Байзатдан жудаям рози.