Қозоғистонлик жиноятчилар жарималарни тўлаш орқали муддатидан олдин озодликка чиқиши мумкин. Бир йил учун жарима миқдори 180 минг тенгени ташкил этади, дея хабар қилди КТК.

Улар муддатидан олдин буткул қонун йўли билан озодликка чиқишлари мумкин: маблағлар тўғридан-тўғри давлат бюджетига келиб тушади. Жарима асосида муддатларни ўзгартириш Қозоғистон шимолидаги колонияларда аллақачон бошланди.

Жумладан, 20 ёшли Виктор Чижевский қишлоқдошининг уйига кириб, ўғирлик қилгани учун 1 йил 8 ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Муддатнинг 1 ярим йили ўтиб бўлди, қолган уч ой учун у жарима тўлаб, озодликка чиқди. Жиноятчи жияни учун амакиси 30 минг тенге тўлади.
Қозоғистон Жиноят кодексига ўзгартишлар 2015 йилнинг январида киритилган эди. Маҳбусларни жарима эвазига озодликка чиқариш эса шимолий ҳудудлардаги колонияларда апрель ойидан бошланди. Бошқа ҳудудларда эса кейинроқ.

“Республикада шу вақтга қадар 300дан зиёд маҳбуслар озод қилиниб, улар томонидан 160 миллион тенге жарима тўланди”, - дея маълум қилди Шимолий Қозоғистон вилояти прокурорлар бошқармаси бошлиғи Андрей Бессонов.
Қотиллик, босқинчлик, терроризм билан айбланган жиноятчиларга мазкур ўзгартиш тааллуқли эмас. Фақатгина ўғирлик, тунаш ва эҳтиётсизлик оқибатида жиноятлар содир этганлар жарима эвазига муддатидан аввал озодликка чиқиши мумкин.

Қамоқхонадан чиқариш суд қарори асосида амалга оширилиб, бунинг учун колония раҳбарияти тавсифнома бериши лозим.
Жарима тўлаш бўйича рекорд натижани германиялик фирибгар қайд этди. У дастлаб жабрланувчига миллион тенге тўлаб, сўнгра 400 минг тенге топширди ва 2 йил аввал қамоқдан озодликка чиқишга муваффақ бўлди.