«Тошкент-Аэро» божхона комплексида 2015 йил бошидан буён 16 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилиши тўхтатиб қолинди

Жамият 10 Октябрь 2015 2265

«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. Натижада жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 45та божхона қоидабузларликлари фош қилиниб, қиймати 93 млн сўмдан ортиқ бўлган салкам 16 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Жумладан, “Тошкент-Истанбул” рейси бўйича сафарга отланган фуқаро С.Ахмедовга (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) тегишли юклар холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда, унда йўловчи божхона декларациясида қайд қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари билан маркаланган 500 қути “Kent” сигаретлари яширилганлиги маълум бўлди.

Фуқаро Ш.Ботиров эса Москвага парвоз қилиш олдидан қўл юкларига жойланган кийимлар орасига 400 қути “PallMall” сигаретларини яширганча, божхона назорати ҳудудига кириб келди. Аммо, унинг безовталаниши қинғир қилмишларини фош қилиб қўйди. Холислар иштирокидаги божхона кўригидан сўнг мазкур тамаки воситалари ўрнатилган тартибда қонунбузардан олиб қўйилди.

“Шаржа-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган А.Саидакбаров Тошкент халқаро аэропортидан ўзига тегишли юкларни кутмасдан жуфтакни ростлаб қолганлигининг сири эртасига фош бўлди. У тақдим қилган йўловчи божхона декларацияси маълумотларига асосан юклари божхона кўригидан ўтказилганда, улар орасида юртимизга ноқонуний равишда олиб кирилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари билан маркаланмаган қиймати 31 млн. сўмдан ортиқ бўлган 2310 қути “Parliament” сигаретлари яширилганлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 13 мартда 412-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан акциз солиғи солинмай олиб кириладиган товарларнинг миқдорий чекланган нормалари”га мувофиқ, жисмоний шахсларга 10 қутигача тамаки маҳсулотларини эркин олиб киришларига рухсат этилади.

Тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишда эса жисмоний шахслар бу ҳақидаги маълумотларни йўловчи божхона декларациясининг тегишли бандида қайд этишлари лозим.

Шунингдек, республикамизда тамаки маҳсулотларига акциз маркаларини қўллаш шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш, сақлаш, ташиш ва сотиш устидан давлат назоратини ўрнатиш, шунингдек, акциз солиғини тўлиқ йиғиб олиш, мазкур товарларнинг яширин тарзда ишлаб чиқарилишининг ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади

Шу мақсадда, 1996 йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган ва унинг ҳудудига олиб келинаётган тамаки маҳсулотларини белгиланган намунадаги акциз маркалари билан мажбурий маркалаш тартиби жорий этилган. Мазкур тартибларга риоя қилмасдан тамаки маҳсулотларини юртимизга олиб кириш, акциз маркаларини ёпиштирмаган ҳолда ташиш (халқаро транзитдан ташқари), сақлаш ва сотиш тақиқланади.

Кўпроқ янгиликлар