Туркия пойтахти Анқарада урушга қарши намойишда содир этилган теракт оқибатида жароҳатланганлар етказилган шифохоналарда донорлик қони етишмовчилиги кузатилмоқда, деб маълум қилмоқда Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Анқарада бугун, 10 октябрда Тошкент вақти билан соат 12:04 да Туркиянинг жануби-шарқида турк-курд ихтилофи сабабли зўравонлик авж олганига қарши “Меҳнат, тинчлик, демократия” шиори остида касаба уюшмалари ва жамоатчилик ташкилотлари томонидан уюштирилган митинг олдидан 2 та портлаш юз берди. Камида 30 киши ҳалок бўлди, 126 киши яраланди. Туркия ОАВлар полициядаги манбаларига иқтибос келтирган ҳолда хабар беришича, портлашлар темир йўл ҳудудида, намойиш иштирокчилари намойиш ўтказиладиган жойга кетаётган эстакада остида террорчи-худкушлар томонидан содир этилди.

“Портлашдан кейин бир дақиқа ўтиб бизга хабар келиб тушди. Соат 10.11 да биринчи тиббий ёрдам машиналари воқеа жойига етиб келди. Ҳаммаси бўлиб 56 та машина юборилди. Яраланганларни эвакуация қилишга 5 та санитар вертолёти жалб қилинди. Қизил яримой жамияти билан биргаликда яраланганларга ёрдам бериш учун барча зарур ишлар амалга оширилмоқда, бироқ шифохоналарда донорлик қони етишмаяпти”, дейилмоқда Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган хабарда.

Вазирликда антикризис маркази ташкил этилган бўлиб, тиббиёт ходимлари ва логистикада етишмовчилик кузатилмаётгани айтилмоқда.