Москванинг Сурияда террористлар марраларига тўсатдан авиазарбаларни беришни бошлагани Вашингтон учун кутилмаган ҳодиса бўлди, ваҳоланки АҚШ маъмурияти россиялик ҳарбийларнинг САРда фаоллашгани тўғрисидаги маълумотларга эга эди, дея ёзмоқда Washington Post.

Нашр маълумотларига кўра, Оқ уйдагилар Россиянинг бошқа мамлакатлардан ҳаво кенгликларидан ҳарбий авиациянинг учиб ўтишига рухсат сўрагани тўғрисида билар эди. “Россия нафақат юк самолётлари, балки суриялик учувчилар ҳеч қачон бошқаришни ўрганмаган қирувчи ва бомбардимон самолётлар учун ҳам йўлак очилишини сўраган”, - дея қайд этади нашр. “Жуда жиддий ҳодисалар рўй бериши маълум эди”, - дея Америка маъмурияти вакили сўзларидан иқтибос келтирилади.

Газета журналистларининг ёзишича, Россиянинг ҳаракатлари ИШИДга қарши кураш учун маҳаллий кучларни тайёрлаш бўйича “Американинг мўрт стратегияси”га зарар келтирди.
Washington Post ахборот манбасининг сўзларига кўра, бу вазият “маъмурият ичида қарама-қаршиликлар”нинг вужудга келишига сабаб бўлди. Жумладан, МРБ директори Жон Бреннан Оқ уйнинг ҳаракатсизлигига ўз норозилигини билдирди.