Халқаро экспертлар яқинда иш бошлаган Юридик клиника фаолияти билан танишишди

Ўзбекистон 10 Октябрь 2015 2487

Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ташкил этилган Юридик клиника фаолияти билан танишдилар.

Ташриф давомида ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бюроси бош мутахассиси Сергеюс Гловацкас, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг Юридик департаменти мутахассиси Макбуле Сахан, Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва ижтимоий шериклик департаменти раҳбари ўринбосари Елена Косаковская Юридик клиника томонидан аҳолига кўрсатилаётган бепул юридик хизмат турлари билан яқиндан таништирилди.

Хусусан, улар эътиборига фуқароларга нафақат ҳуқуқий-консультатив хизмат кўрсатиш, балки, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш, аҳолининг, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Тадбирда касаба уюшмалари Федерацияси Юридик клиникаси ҳуқуқий ҳимоя соҳасининг янгича кўриниши ҳисобланиб, ўзида ҳуқуқий ҳимоя ва хуқуқий таълим амалиётини мужассамлаштиргани таъкидланди.

Халқаро экспертлар Касаба уюшмалари Федерацияси Юридик клиникаси томонидан фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қўллаш ва амалга оширишда амалий ҳамда бепул юридик (консультатив) хизмат кўрсатиш, кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар ўртасида ижтимоий-меҳнат соҳасига оид халқаро ва миллий стандартларни тарғиб этиш, кўнгилли волонтёрларнинг халқаро ва миллий стандартларга оид билимларини ошириш, ҳуқуқни қўллаш кўникмаларини шакллантириш йўналишларида олиб борилаётган фаолиятни юқори баҳоладилар.

Шунингдек, меҳмонлар Юридик клиника фаолиятига жалб этилган 30 нафар ёш волонтерлар – юридик соҳада таҳсил олаётган бўлажак ҳуқуқшунослар билан ҳам суҳбатлашдилар.

Ташриф давомида Халқаро экспертлар эътиборига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассилари ҳамкорлигида “Касаба уюшма кутубхонаси” мажмуида чоп этилган “Қонунчиликдаги янгиликлар” тўплами ҳам ҳавола этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг матбуот хизмати хабар қилади.

Кўпроқ янгиликлар