Продюсерлар мени қўрқмас деб аташади, лекин биласизми, продюсерлар жудаям ёлғончи бўлишади.

Мени асабий деб аташингиз мумкин. Асосийси, аҳмоқ демасангиз бўлди.

Бирорта трюкни бажаргач, ҳар доим камерага қарайман. Одамлар ҳозиргина кўришган саҳнани дублёр эмас, мен бажарганимни тушунишлари керак. Шу сабабли ҳам доимо муваффақиятсиз дублларни намойиш этаман. 

Камера ўчиқ турган пайтда ичимда қўрқув яшайди. Камера ишга тушиши билан эса мен ҳамма нарсага тайёр бўламан.

Мен дунёдаги энг машҳур шифокор бўлишим мумкин эди, лекин дунёдаги энг машҳур беморга айландим.

Бир шифокор менга шундай деганди: “Сиз ўз умрингизга зомин бўлишингиз мумкин. Балки энди тўхтатарсиз? Лекин сиз барибир менга қулоқ солмайсиз, шу саволни ўзингизга ўзингиз бериб кўринг”. Мен унинг маслаҳатига амал қилиб ўзимга мана шу саволни бериб кўрдим. Аммо ҳалигача қандай жавоб қайтаришни билмайман.

Илгарилари бир-иккита суяк синмагунча яхши фильм олиб бўлмайди деб ўйлардим. Ҳозир эса олса бўлади деган фикрга келдим. 

Йўғе, мен бир юз иккита фильмда суратга тушибманми?

Агар имкон бўлса мен Осиёнинг Роберт Де Нироси бўлишни истардим. 

Мюзикллар ёки юқори технологияли махсус эффектларда биз хитойликлар америкаликлардан ортдамиз. Лекин айрим нарсаларда... Бир куни Спилберг билан гаплашиб қолдим ва “Юра даври парки”даги одамлар билан динозаврлар югуриб юришадиган саҳна ҳақида тўлқинланиб гапирдим. У эса шундай деди: “Бу жуда ҳам оддий нарса-ку, Жеки. Менда кучли компьютерлар бор. Ундан кўра сен “Тангри яроғи” фильмида қандай сакраганингни гапириб бер?” Мен дедим: “Бу жуда ҳам осон: камерани ёқасан, сакрайсан, бўлди”.

Америкалик каскадёрлар жудаям ақлли. Улар доимо хавфсизлик ҳақида ўйлашади ва машинада учиб ўтиш лозим бўлса, улар ҳамма нарсани — тезлик, масофани ҳисоблаб чиқишади. Биз гонконгликлар эса ҳисоблашни билмаймиз. Бизнинг ҳама ҳаракатимиз тахминларга асосланган. Агарда жасоратинг етса ўйлаган нарсангни, албатта, амалга ошира оласан.

Ҳамма супермен бўлишни орзу қилади, супермен эса шунчаки оддий инсон бўлишни истаган.

Мени худди Бастер Китондек — қувноқ ва қўрқмас деб эслашларини истайман.

Шон-шуҳрат – яроқсиз маҳсулот: жуда қиммат, лекин тез бузилади.

Мен каби бўлишга уринмаганингиз маъқул. Яхшиси, ундан кўра дастурлашни ўрганинг.

Менинг фильмларимда бир қоида бор: ҳеч қандай ишқий саҳналар бўлмайди. Фарзандларим мени  ишқий саҳналарда қатнашганимни кўришса, уларнинг кўнгли айниб кетиши мумкин.

Тозалаш – анчагина ижодий жараён.

Мен нимани егим келса ейман. Агарда музқаймоқ есам — шунчаки одатдагидан 20 дақиқа кўпроқ машқ қиламан.

Кока-кола ва рэпга ружу қўйган одам ҳеч қачон анъанавий маданиятга қайта олмайди.

Менинг итим ва жуда кўп мушукларим бор. Хотиним доим: “Мендан кўра ҳайвонларингга кўпроқ пул сарфлайсан”, дейди.

Пул ҳеч кимни ҳеч қачон тўғри тарбиялай олмаган.

Зериккан пайтимда Брюс Лининг фильмларини томоша қиламан.

Мендан зўрроқ ҳар қандай инсондан ўрганаман.

Баъзида ёвуз ролини ўйнагим келади. Ана шунда мени ўлдиришадиган биринчи фильм суратга олинган бўларди.

Тананг сенга қачон “тўхта”, дейишини ҳеч қачон билмайсан.

Менинг бир камчилигим бор: зўравонликни ёмон кўраман.

Жеки Чан? Бу шунчаки афсона.

Манба: xabardor.uz