НАСА астронавти Скотт Келли Халқаро коинот станцияси (ХКС) бортидан қутб ёғдуси (аврора)ни суратга олди. Мазкур тасвир 2015 йил 7 октябрда Ерда магнит бўрони содир бўлаётган вақтда олинди. Бу ҳақда НАСА расмий сайтида маълум қилинди.
7 октябрдан 8 октябрга ўтар кечасида Ерда кучли магнит бўрони содир бўлди. Натижада Британия, Болтиқбўйи, Скандинавия давлатлари ва Россия шимоли-ғарбида қутб ёғдуси кузатилди.
Қутб ёғдуси атмосферанинг юқори қатлами ва Қуёшдан келаётган зарядланган зарралар оқими – қуёш шамоли тўқнашуви натижасида пайдо бўлади. Заррачалар атмосферадаги атом ва молекулаларни қўзғатиши натижасида улар ўзидан нур таратишни бошлайди.
Қутб ёғдуси Ернинг юқори кенгликлари билан бир қаторда, Венера, Марс, Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептун магнит майдонлари билан ҳам вужудга келади.