Непал парламенти мамлакат бош вазирлигига Коммунистлар партияси етакчиси Кхадгу Прасад Олини тайинлади, деб хабар бермоқда Associated Press.

Янги бош вазир 338 та овоз олган. Унинг рақобатчиси бўлмиш “Непал конгресси” партияси етакчиси Сушил Коирала 249 та овоз олди.

Кхадгу Прасад Оли ҳукумат тепасига мамлакатда янги конституция қабул қилингани учун қаршиликлар бўлиб ўтаётган бир вақтда келди. Унга Ҳиндистон билан алоқаларни яхшилаш вазифаси қўйилди.

Коирала ундан олдинги бош вазир бўлиб, янги конституцияга мувофиқ ваколат муддати тугатилди. Янги бош вазир танқиддан қўрқмайдиган одам бўлиб, уни кўп партиялар,жумладан, рақобатчиси бўлмиш ўзга коммунистлар партияси ҳам қўллаб-қувватлади.