Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков Пентагон билан Сурияда ҳарбий авиация парвозлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича келишувга эришишдаги ижобий ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди. Бу ҳақда ТАСС маълум қилди.

Унинг айтишича, Россия ва АҚШ мудофаа вазирликлари экспертлари ўртасида Сурияда ҳарбий авиация парвозлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича иккинчи видеоконференция бўлиб ўтди.

Таъкидланишича, видеоконференция жараёнида Россия ва АҚШ таклифлари батафсил муҳокама қилинди. Конашенковнинг қайд этишича, муҳокамалар профессионал ва конструктив руҳда ўтказилди.

Бундан аввалроқ Конашенков Россия зарба гуруҳлари томонидан сўнгги бир кун ичида ИШИДнинг 63та объектига 64 марта парвоз амалга оширилганини хабар берган эди. Натижада террористик ташкилотнинг 54та объекти, жумладан, битта дала қўмондонлиги пункти, тўртта лагер, еттита ўқ-дори омбори, артиллерия ва миномёт батареялари йўқ қилинди.