АҚШнинг Суриядаги собиқ элчиси Роберт Форд маъмурият Яқин Шарқдаги можаро муносабати билан олиб бораётган сиёсат сабабли истеъфога чиққанини маълум қилди, дея ёзмоқда Washington Examiner журнали.

“Менинг истеъфога чиқишимга маъмурият сиёсатини ортиқ ҳимоя қила олмаслигим сабаб бўлди”, - деди собиқ элчи. У интервью жараёнида Обама сиёсати иш бермаётганини уч маротаба таъкидлаб ўтган.

Роберт Форд Барак Обама Сурия муҳолифатини ўқитиш ва қуроллантириш режасини тасдиқлаши биланоқ истеъфога чиққан. Мазкур дастурнинг қиймати 500 млн долларни ташкил этиб, мазкур ҳафтада ўзининг самарасизлиги сабабли тўхтатилди. Қайд этилишича, Сурияга юборилган бир қатор қуроллар “Ал-Қоида” ва бошқа террористик гуруҳлар қўлига тушган.

Форднинг тахминига кўра, агарда можаро тўхтатилмаса, Европани Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги каби муҳожирлар инқирози кутмоқда.